» » Хавфсизликка эътибор берилмоқда

Хавфсизликка эътибор берилмоқда

 Кейинги йилларда қурилиш соҳасининг жадал суръатларда илгарилаб кетиши ва техник жиҳатдан ривожланиши мамлакатимизда жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган турли замонавий бино ва иншоотларнинг яратилишига имкон бермоқда. Шу билан бирга бинолар ва улардаги мол-мулкларни муҳофаза қилиш долзарб вазифалардан саналади. Бу жараёнда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда туманимизда ҳам замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, Зиёвуддин шаҳарчасида катта хажмдаги бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, «Обод қишлоқ» дастури асосида «Бурқут» маҳалласининг Янгиобод, «Тарққиёт» маҳалласининг Сулув, «Шамсназар» маҳалласининг Хумор қишлоқларида кенг кўламдаги капитал қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бунёдкорлик жараёнида ходимларимиз томонидан қурилиш масканларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.

Янгидан бунёд этилаётган ва қайта қурилаётган уйларда фуқароларга нафақат яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, балки ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратилганлиги муҳим жиҳатлардан биридир. Қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотлар раҳбарлари ва бунёдкорлар билан қурилиш меъёр қоидалари, бино ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда қуриш даврида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўлланма ва тавсиялар муҳокама қилиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, фуқароларимиз қулай шароитлар яратилган уй-жойларда яшаш билан бирга бехосдан келиб чиқадиган ёнғинлардан ҳам муҳофаза этилиши керак.


Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими

комментариев