» » Пахтачи туманида вилоят прокурорининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Пахтачи туманида вилоят прокурорининг сайёр қабули бўлиб ўтди

  Республикамизда Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, энг аввало, турмушимиз фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Энг асосийси эса, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган тамойил ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя энг аввало, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий татбиқ этилишига қаратилмоқда.

Хусусан, прокуратура органлари томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, маслаҳатлар бериш, таклиф ва мурожаатларни изчил ўрганиш, тегишли чора-тадбирлар кўриш каби масъулиятли вазифалар бажариб келинмоқда.

Буни вилоят прокурори Ф. Зуфаровнинг тумандаги педагогика коллежида ўтказган сайёр қабулида кўриш мумкин бўлди. “Жаҳонобод” маҳалласида яшовчи Шаҳноза Эрматова янги қурилган кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчилар канализация тизимидаги камчиликлар, хусусан, уларни тозалаш учун аҳолидан кўп миқдорда пул талаб қилинаётгани бўйича қилган мурожаатига шу ернинг ўзида қониқарли жавоб олди. Шу маҳаллада яшовчи Ифтихор Кенжаев 2-гуруҳ ногирони бўлиб ҳисобда туради. Лекин, мутасадди ташкилотлар уни тиббий кўрикдан ўтказишда кўп сарсон қилишмоқда экан. Бу мурожаат бўйича ҳам қабулда иштирок этаётган масъул шахсларга керакли топшириқлар берилди.

Шунингдек, сайёр қабулда электр энергиясидаги узилишлар, газ таъминоти, ишга жойлаштириш, банкдан кредитлар олишдаги муаммолар каби 50 тадан ортиқ сўровларнинг 24 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди, фуқароларнинг 12 нафарига ишга йўлланма бериладиган бўлди.

– Туғма II-гуруҳ ногирониман, – дейди “Бўстон” маҳалласида яшовчи Муҳаррам Аҳадова, – анча йилдан буён ногиронлик аравачаси сўраб кўп жойларга мурожаат қилдим, аммо, натижаси бўлмади. Бугун менинг мурожаатим вилоят прокурорининг қабулида ижобий ҳал этилди: Ф. Зуфаров томонидан менга ногиронлик аравачаси берилди.

комментариев