» » Ҳуқуқий маслаҳатлар берилди

Ҳуқуқий маслаҳатлар берилди

Вилоят судларининг аҳоли ҳуқуқий онгини ва маданиятини ошириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда вилоят судлари раисларининг туман ва шаҳарларда фуқароларнинг сайёр қабулларини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик Меморандуми ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва аҳоли вакиллари ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда.
Зиёвуддин шаҳарчасидаги мусиқа ва санъат мактабининг фаоллар залида ўтказилган шундай мулоқотда жиноят ишлари бўйича туман суди, туман ички ишлар бўлими ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши  ходимлари, шунингдек, «Шамсназар», «Чоргўша», «Дўнг», «Дабусқалъа» маҳаллалар аҳолиси вакилларидан 64 нафари қатнашдилар.
Дастлаб йиғилганлар олдида жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А. Акрамов ҳозирги даврда мамлакатимизда фуқаролар қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маъруза қилди.
Шундан сўнг А. Акрамов томонидан сайёр қабул ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари асосида ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилди.
Абдулазиз РАҲМАТУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди девонхонаси мудири. 

комментариев