» » Ер ҳақиқий эгасини топди

Ер ҳақиқий эгасини топди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва вилоят ҳокимининг 2019 йил 14 январдаги 17-Қ-сонли шу хусусдаги қарорлари асосида туман ҳокимининг 2019 йил 15 январдаги 49-Қ-сонли қарори қабул қилинди. 

Давлат мулки бўлган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ер ажратиш ва экинларни жойлаштиришда шаффофликни таъминлаш, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга қаратилган қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги фермер хўжаликлари ер майдонлари ҳам мақбуллаштирилди.

Ушбу жараёнгача туманимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 748 тани ташкил этган бўлса, мақбуллаштиришдан сўнг улар сони 337 тани ташкил этмоқда. Агар 2-сектор мисолида оладиган бўлсак, ҳозирда ҳудуддаги 7931 гектар майдонда 94 та фермер хўжалиги мавжуд. Уларнинг 33 таси пахта-ғаллачилик, 1 таси ғалла-сабзавотчилик, 9 таси боғдорчилик ва узумчилик, 18 таси чорвачилик, 33 таси эса бошқа йўналишлар бўйича фаолият олиб бормоқда.

Қиш фаслини ҳам иш фасли, деб билган фермерлар шу кунларнинг илиқ об-ҳавосидан фойдаланган ҳолда дала юмушларини жадал олиб боришмоқда. Жумладан, сув йўлларини тозалаш, қатор ораларига экилган ғалла экинлари майдонларини ғўзапоядан тозалаш, ғалла майсаларини ўғитлаш, шарбатли суғориш учун гўнг жамғариш ишлари шулар жумласидандир.

Ҳозиргача секторимиз ҳудудидаги 244,8 километр узунликдаги сув йўллари қўл кучи билан, 13,1 километри механизмлар ёрдамида тозалаб чиқилди. Бундай ишлар туманимизнинг барча секторларида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил ҳосили учун тумандаги 135 та фермер хўжаликлари томонидан 3271 гектар майдонга кузги бошоқли дон уруғи экилган. Ғалла экин майдонларининг 5477 гектарида биринчи озиқлантириш ишлари бажарилди. 44 та фермер хўжалигининг қолоқ деб топилган 692,5 гектар ғалла экилган майдонларида мутахассислар иштирокида олиб борилган тезкор агротехник тадбирлар туфайли ғалла майсалари ривожи тезлашди. Сусткашлик ва эътиборсизликка йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриб борилмоқда.

Йилнинг илк ҳосили бўлмиш пилла етиштириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу йил туманимизда 218 тонна пилла хом ашёси етиштириш кўзда тутилган. Ушбу соҳада озуқа базасини яратиш мақсадида 647 та аҳоли хонадонларига ва тутзорларга 1 миллион 294 минг дона тут кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, амалда эса ҳозиргача 178 минг дона кўчат экилган. Айни кунлардаги кўчат экиш учун жуда қулай об-ҳаводан ва шароитлардан унумли фойдаланишимиз керак. Тўғри, «Обод Деҳқонобод» муқобил машина трактор парки ҳудудида 5 гектарлик тут плантацияси яратилган. Мавжуд 173,4 гектар майдондаги тут плантацияларининг 80 гектарида ҳам реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда ипак қурти парвариши билан шуғулланадиган аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнатини рағбатлантириш ва турмуш даражасини юксалтириш мақсадида 50 донадан парранда ва режадан ортиқча етиштирилган пилла хом ашёси учун 15 фоиздан 25 фоизгача устама ҳақ қўшиб берилади.

Шунингдек, пиллачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида туман ҳокимининг қарори билан «Пахтачи ипак саноат» хорижий корхонасига замонавий лойиҳалар асосида пиллахона қуриш учун 0,95 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, қабул қилинган пилла хом ашёсини қуритишга мўлжалланган янги технологиялар сотиб олиш учун 70 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган.
Биз секторлар раҳбарлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар бўйича ҳам назоратни сусайтирмасак, янги ташкил этилган фермер хўжаликлари бошлиғи ва ишчилари ерга меҳр бериб меҳнат қилишса, ерни ўз вақтида маҳаллий ва минерал ўғитлар билан тўйинтириб, экин экиш ва бошқа агротехник тадбирларни вақтида амалга оширишса, олий мақсад – халқимиз дастурхонини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўкин қилиш, шу билан бирга маҳсулотларни экспортга чиқаришга эришамиз.

Эркин ШАРИПОВ,

туман прокурори, 2-сектор раҳбари.

комментариев